Loading

wait a moment

Саида Мирзиёева 5 таклифни ўртага ташлади

28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференцияси ташкил этилган эди. Унда агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, мамлакатда оммавий ахборот воситалари соҳасини ривожлантиришда амалга оширилишини кечиктириб бўлмайдиган 5 таклифни ўртага ташлади.
Улар қуйидагилар:
Биринчи, давлат органларининг ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги Концепция қабул қилинади.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот соҳасидаги фаолиятининг аниқ йўналиш, вазифа ва ваколатлари ҳамда мажбуриятларини белгилаб беради.
Иккинчи, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини қабул қилинади.
Ушбу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги вақтда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Унда илк бор ахборот хизматларининг асосий вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака ошириш имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий кафолатланмоқда.
Жумладан, Ахборот хизмати раҳбарининг мақомини ошириш, уни давлат органи раҳбарининг маслаҳатчисига айлантириш, иш ҳақи, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масаласи бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштириш таклиф этилмоқда.
Учинчи, Ўзбекистоннинг имижи ва нуфузини халқаро майдонда ошириш бўйича мутлақо янги механизм яратиш, яъни республиканинг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида мавжуд пресс-атташе лавозимларини ахборот иши бўйича маслаҳатчи лавозимига ўзгартирилади.
Лойиҳада ахборот хизматининг вазифалари аниқлаштирилган. Яъни бунда веб-сайтни юритиш, оммавий ахборот воситалари учун тадбирлар ташкил этиш каби умумий вазифалар қаторига ташкилотлар имижини шакллантириш ва ривожлантириш, давлат органлари ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш киритилмоқда.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида эълон қилинган ҳамда аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган чиқишларга тезкор муносабат билдириш каби аниқ вазифа ва йўналишлар қўшилмоқда.
Тўртинчи, Ахборот хизматлари давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида тўрт нафар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бўйсинувидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) ҳокимликларида камида икки нафар ходимдан иборат таркибда ташкил этилади.
Шунингдек, кейинчалик давлат мукофотларига тавсия қилиш, бошқа шаклдаги тақдирлаш ва рағбатлантириш мақсадида ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва рейтинг тизими ҳам ишлаб чиқилади.
Бешинчи, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги факультет ҳамда матбуот котиби тайёрлаш бўйича магистратура йўналишини ташкил этилади.
Ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари малакасини мунтазам ошириб бориш, уларга соҳага оид замонавий тенденциялар ва билимларни етказиб бериш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳар икки йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқувларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *